«Наманган туманининг озиқ-овқат захираси омборларидан муаммоси йўқ» — ҳоким ўринбосари
Наманган тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Aъзам Aҳмадалиев тумандаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сунъий ўсиб кетишининг олдини олиш ва бунинг учун яратилган захира омборлари тўғрисида «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаровга интервью берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев раислигида 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектордан сўнг унда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган.
«Ушбу вазифаларни бажариш учун биз, аввало, туманимизнинг 180,2 минг аҳолисини ноябрь—апрель ойларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ва туманимизда етиштириладиган маҳсулотларни ҳисоблаб чиқдик. Натижада туманда мева-сабзавот, гуруч ва балиқ маҳсулоти етишмаслигини аниқладик. Қолган турдаги барча маҳсулотлар ортиғи билан ҳудудимиздаги фермер хўжаликлари, томорқа-ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштириладиган маҳсулотлар билан қопланиши маълум бўлди. Шу туфайли Туман марказидаги ‘Тошбулоқ’ деҳқон бозорида ‘Элга хизмат’ савдо расталарини ташкил қилдик. Бу ерда асосий турдаги озиқ-овқат — гўшт, товуқ гўшти, балиқ, ўсимлик ёғи, шакар, тухум каби маҳсулотларни арзонлаштирилган нархда сотилишини йўлга қўйдик. 54 та МФЙнинг 34 тасида ‘Экобозор’ ташкил қилдик», — дейди Наманган тумани ҳокими ўринбосари Aъзам Aҳмадалиев.
Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, ҳозирги кунда маҳсулотларни сақлаш учун Наманган туманининг омборхоналардан муаммоси йўқ. Ҳудудда 600, 1000 тонналик совутгичли омборхоналар мавжуд. 2020/2021 йилги куз-қиш мавсуми учун мўлжалланган лойиҳада яна 3 та 2 минг тоннали мана шундай омборхоналар ташкил этиш белгиланган.
«1 килограмм маҳсулот ойига ўртача 30—40 сўмдан сақланади. Бунинг учун ҳаражатлар банк кредити ҳисобидан олинади ва маҳсулотни сотиш орқали уни қайтариб, банк кредитини сўндирамиз. Маҳсулотнинг сақлаш ва уни олиб чиқиш ҳаражатини ҳисобга олганимизда ҳам биз бемалол бозор нархидан арзонлаштириб сотишга эришишимиз мумкин бўлади.
Шунингдек, Президент томонидан ташкил этилиши айтилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича туман жамғармаси маблағлари 3 миллиард сўм бўлиб, унга ўсимли ёғи, товуқ гўшти ва шу каби маҳсулотларнинг сақланишини таъминлаймиз. Бизда сабзи ва пиёз маҳсулотларни сақлашга эҳтиёж йўқ. Туманимизни сабзи етиштиришга ихтисослашган, десак ҳам бўлади. Шунинг учун, биз асосий эътиборни гуруч, ўсимлик ёғи, товуқ гўшти каби маҳсулотларга қаратамиз», — дейди Aъзамжон Aхмадалиев.
Маълум қилинишича, туманда асосий турдаги ози-овқат маҳсулотлар захираси учун режа белгилаб олинган. Хусусан, 1100 тонна картошка захира қилиш режалаштирилган. Бунинг учун банкдан 3 миллиард сўм имтиёзли кредит расмийлаштирилиб, ҳозирги кунда 500 миллион сўм маблағ эвазига Россиядан келтирилган 150 тонна картошка совутгичли омборларга жойланган.
«Бундан ташқари, 2 миллиард сўм маблағ эвазига яна минг тонна картошкани захира қилиб қўямиз. Бундан мақсад — бозорда ёки ‘Экобозор’ларимизда маҳсулотнинг нархи сунъий равишда кўтрилган ҳолатда биз ўша захирамиздан савдога чиқарамиз ва нарх барқарорлигини таъминлаймиз. Шунингдек, чорвачилик, паррандачилик хўжаликлари билан режа қилиб, уларнинг ҳам тақсимотини ҳамда нархи ошиб кетишининг олдини олиш борасида чора-тадбирларимизни белгилаб олдик», — дея таъкидлайди Наманган тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Олтиариқда 85 гектардан ортиқ майдондаги музхонада мева-сабзавот захиралари сақланиши, Қўрғонтепада салкам 2 ярим минг тонна картошка захира қилиниши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ғиждувонда 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган озиқ-овқатлар ҳажми маълум бўлганди.