Сурхондарёда жиноят иши қўзғатмаслик эвазига $2 минг сўраган прокурор ушланди
Сурхондарё вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори хизмат мавқеидан фойдаланиб, пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, ушбу мансабдор шахс, Денов тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими юритувидаги фуқарога нисбатан тўпланган терговга қадар текширув материалларида жиноят аломатлари мавжуд бўлсада, лекин, жиноят иши қўзғатмаслик тўғрисида мазкур туман ИИБга кўрсатма беришини айтиб, эвазига 2000 АҚШ доллари талаб қилади.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 5 сентябрь куни у сўралган пул маблағидан 5 млн сўмни ўзининг номидаги пластик картага ўтказдириб олади.
Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, прокурор талаб қилинган пулдан 1300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан прокурорга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.