Непалда Z авлоди намойишларидан сўнг, мамлакатда биринчи аёл Бош вазир тайинланди
Непал собиқ Олий суд раиси Сушила Карки, мамлакатнинг вақтинчалик ҳукумати Бош вазири сифатида тайинланди, деб Khabarhub хабар берди.
Сушиланинг ушбу лавозимга тайнланишини Gen-Z ҳаракати намойишчилари вакиллари қўллаб-қувватладилар.
Непал президенти маъмурияти хабар беришича, вақтинча ҳукумат «ёш авлоднинг умидлари ва манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашув асосида» шакллантирилган.
Шу тариқа, 73 ёшли Карки Непал тарихида мамлакат ҳукуматини бошқарган биринчи аёлга айланди. Янги бош вазир келгуси сайловларига қадар ҳукуматни бошқаради.
Коррупцияга қарши ва ҳукуматнинг энг йирик ижтимоий тармоқларни блоклаш қарорларига қарши бўлган намойишлар 8 ва 9 сентябрда Непалда ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, намойишларни ташкил этувчилар уларни «Z авлодининг протести» деб атадилар, чунки акцияларда иштирок этганларнинг кўпчилиги ёшлардан иборат эди.
Ушбу митинглар тартибсизликларга ва полиция билан тўқнашувларга олиб келиб, 51 киши ҳалок бўлди, 1,3 мингдан ортиқ киши турли жароҳатлар олди. Натижада ҳукумат ижтимоий тармоқларни блоклашни бекор қилди ва Бош вазир Кей-Пи Шарма Оли истеъфога чиқди.