Олий суд Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокимининг озод этилгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Шараф-Рашидов туманининг собиқ ҳокими ҳибсдан озод қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бироқ, Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Жиноят кодексининг 167, 205, 206, 209, 210 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимида ишлаган М. Х. озод этилгани ҳақида айрим манбаларда тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, — деб таъкидланган.
Жорий йилнинг 10 июль кунидаги жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ажрими билан М. Х.га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, айни пайтда у тергов ҳибсхонасида сақланаётгани билдирилди.
Шунингдек, М. Х.га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг иш юритувида эканлиги ва ушбу жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун тайинлаш босқичида эканлиги маълум қилинган.




