Владимир Путин Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашди

Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб Кремлнинг расмий сайтида хабар қилинди.

Суҳбат чоғида Владимир Путин Ўзбекистоннинг барча фуқароларини баҳор байрами — Наврўз билан самимий табриклади.

Хусусан, икки давлат етакчилари мулоқот давомида атом энергетикаси, саноат ишлаб чиқариши ва транспорт соҳаларидаги қатор йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда Россия дизайнидаги атом электр станцияси қурилиши майдонида бетон ишлари бошлангани ва 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида учинчи мис бойитиш фабрикаси ишга туширилгани мамнуният билан қайд этилди. Мазкур фабрика учун жиҳозлар Россиянинг етакчи машинасозлик корхоналари томонидан етказиб берилгани билдирилди.

Шу билан бирга, Яқин Шарқдаги можаро ва Украина атрофидаги вазиятни ўз ичига олган долзарб халқаро масалалар юзасидан ҳам батафсил фикр алмашилди. Томонлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Жаҳон