«Real Sanjik»нинг болалар уйига топширмоқчи бўлган ҳовлининг нотариал тасдиқланган ҳужжатлари ҳали тақдим этилмаган

Ижтимоий тармоқларда блогер Санжар Каримов («Real Sanjik») томонидан, Шайхонтоҳур туманида жойлашган ҳовлини болалар уйига топширмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ижтимоий таъминот агентлигининг пойтахт бошқармаси тадбиркорнинг баёнотига изоҳ берди.

Аввалроқ, тадбиркор Санжар Каримов Олимбоевлар оиласининг 240 минг долларга сотиб олгани айтилаётган ер майдонини меҳрибонлик уйига беришга қарор қилгани хабар қилинган эди.

Маълумотларга кўра, жорий йил 24 октабр куни С.Каримов «Меҳрибонлик» уйи №22 га ташриф буюриб, мазкур уйини текин фойдаланишга бериш нияти ҳақида ариза қолдирган.

Муассаса директори блогерга, Меҳрибонлик уйлари тўлиқ давлат таъминотида бўлиб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан белгиланган тартибда уй-жой, овқатланиш, кийим-кечак, таълим ва тиббий хизмат билан таъминланишини маълум қилган.

Шунингдек, турар-жойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатлар тақдим этилмагани хам хабар қилинган.

Агентлик болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай эзгу ташаббусларга ҳурмат билан қарайди. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, давлат муассасаларига кўчмас мулк ёки бошқа моддий ёрдам шаклларини топшириш зарур эмас, чунки уларнинг фаолияти тўлиқ давлат бюджети ҳисобига таъминланади, — дейилади хабарда.

 

Янгиликлар