ФВВ: Ўзбекистонда 2 млн нафар фуқаро ёнғин хавфсизлиги ойлигида иштирок этди
15 сентябрдан 15 октябргача Ўзбекистон бўйлаб ёнғин хавфсизлигини ошириш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган «Ёнғиндан огоҳ бўл» умуммиллий кампанияси ойлиги ўтказилди.

Тадбирлар доирасида ФВВ ходимлари эҳтимолий ёнғинларнинг олдини олиш ва аҳолини хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларига ўргатиш бўйича профилактик ишлар олиб бордилар.
Профилактик текширувлар ва учрашувлар деярли 800 мингта хонадонда, 2 мингга яқин талабалар ётоқхоналарида, 25 мингдан ортиқ ижарадаги уйларда, 3 мингта қурилиш объектларида, шунингдек, тахминан 200 та меҳрибонлик ва саховат уйларида ўтказилди.
Жами 2 миллиондан ортиқ фуқаролар иштирок этган 527 мингта учрашув ўтказилиб, уларда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари тушунтирилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил январь–ноябрь ойлари давомида мамлакатда рўй берган ёнғинлар сони 8 мингга яқинни ташкил этган. Ҳодисалар натижасида 91 киши жабрланган, 44 нафар фуқаро ҳалок бўлган. ФВВ мутахассислари қурилиш материалларини танлаш ёнғин хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлайдилар.
Ноорганик материалларнинг мустаҳкамлиги, мослашувчанлиги ёки бошқа сифатларини ошириш мақсадида уларнинг таркибига кўп ҳолларда маълум миқдорда органик компонентлар қўшилади. Бундай қўшимчалар айрим жиҳатларни яхшилаши мумкин, аммо материалларни ёнишга нисбатан сезувчанроқ қилади. Бу ҳолат айниқса турар-жой ва тижорий биноларни қуришда жуда муҳим аҳамиятга эга.
ФВВ қуйидагиларни қатъий тавсия этади:
• белгиланган ёнғин хавфсизлиги стандартларига мос келадиган материаллардан фойдаланиш;
• материалларнинг техник ҳужжатлари ва сертификатларига алоҳида эътибор қаратиш;
• ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш.
Олиб борилган кампания натижалари аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари тўғрисидаги хабардорликни ошириш ва фавқулодда вазиятлар юз бериши хавфини камайтиришга хизмат қилди.
ФВВ ойликда фаол иштирок этган фуқаролар ҳамда ташаббусни қўллаб-қувватлаган ташкилотларга миннатдорлик изҳор этади.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинг — ўзингизни, яқинларингизни ва мулкингизни эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоя қилинг. Саволлар ёки маслаҳат зарур бўлган ҳолларда энг яқин ФВВ бўлимига ёки «ишонч телефони»га мурожаат қилинг.





