Фуқароларни Жанубий Корея ва Словакияга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди

Наманганда туристик фирма мансабдори ва хусусий бандлик агентлиги ходими фуқароларни пул эвазига ноқонуний равишда чет давлатларга юбормоқчи бўлди.

Давлат хавфсизлик хизмати хабар беришича, Наманганда хусусий бандлик агентлигининг норасмий ишчиси Тўрақўрғон туманида яшовчи 4 нафар фуқаронинг ишончига киради. Шундан сўнг, танишлари орқали уларни Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юбориш эвазига 2000 АҚШ доллари талаб қилади.

Аммо, у олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Наманган шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари ҳам мансабдор танишлари орқали ўз ҳамшаҳарини Словакия давлатига ишга юбориш эвазига 40 млн сўм талаб қилади.

Бироқ, олдиндан виза чиқартириб бериш учун 600 АҚШ доллари ва 2,8 млн сўм олган вақтида ушланди.

Таъкидланишича, мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

AI News