Ўзбекистон депутатлари овчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ов қилиш ва овчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, мазкур қонун лойиҳаси ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.

Лойиҳа билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Қурол тўғрисида»ги ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида ов қилиш жараёнлари шаффофлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда. Овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари)ни бериш махсус электрон дастур орқали амалга оширилиши, улар асосида мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ов қилиш фақат овчилик хўжаликларига бириктириб берилган ов қилиш жойларида амалга оширилиши белгиланяпти. Бу эса ов қилиш устидан назоратни кучайтириш ҳамда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва уларнинг табиий захирасини асрашга хизмат қилиши билдирилди. Ов қилишни режалаштириш, рухсат этилган ҳудудлар ва муддатларни белгилашда ягона тизим асосида иш юритиш назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, овчилик маданиятини ошириш ҳамда соҳани барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Жамият