Ўзбекистон 2027 йилда МДҲга раислик қилади

Асосий эътибор иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Туркманистонда бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида нутқ сўзлади. Унда Эрон президенти Масъуд Пезешкиан фахрий меҳмон сифатида иштирок этди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг 2027 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги даврида устувор аҳамиятга эга бўладиган йўналишларни баён қилди.

Биз келгуси йили аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларни эътибор марказига қўйиш ниятидамиз. Булар – иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришдир, – деди президент Шавкат Мирзиёев.

Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг раислиги учун белгиланган «МДҲ – ишонч ва умумий тараққиёт макони» деган шиорда ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон раислиги давридаги устувор йўналишлар ва амалий ҳамкорлик механизмлари тақдим этилди. Ҳамдўстлик доирасидаги сиёсий мулоқотга алоҳида эътибор қаратилади.

Бугун, дунёда вазият тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда ҳар қандай масалани хотиржам муҳокама қилиш, бир-биримизни тинглаш ҳамда барчамизга мақбул бўлган ечимларни излаш имкониятини сақлаб қолиш ўта муҳимдир, – деди давлат раҳбари.

МДҲ мамлакатлари салмоқли ишлаб чиқариш салоҳияти, ресурслар, технологиялар ва бозорларга эга эканини инобатга олиб, иқтисодиёт соҳасида асосий эътиборни саноат кооперациясига қаратиш таклиф этилди.

Шунингдек, Рақамли технологиялар билан боғлиқ йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда фақат ҳозирнинг ўзида ҳам яхши ривожланган соҳалар билан чекланиб қолмаслик муҳимлиги таъкидланди.

Раисликнинг яна бир устувор йўналиши сифатида транспорт соҳаси белгиланди. Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муҳим транспорт тугунига айланиб бораётгани таъкидланди.

Якунда Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги даврида ўз самарадорлигини исботлаган барча ютуқларни сақлаб қолиш ва шу билан бирга, бугунги кунда янги ечимлар топиш зарур бўлаётган йўналишлар ривожига қўшимча суръат бағишлаш қатъий мақсад қилингани таъкидланди.

Ўзбекистон президенти Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга самимий меҳмондўстлик ва саммитни юксак савияда ташкил этгани учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.

Саммит якунлари бўйича МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига оид битим ва қарорлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон