Тошкент вилоятида оқова сув тозалаш иншоотининг қурилиши даврида қарийб 14 млрд сўм талон-торож қилинди

Бажарилган қурилиш ишлари қиймати сунъий равишда 13,9 миллиард сўмга оширилган

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида оқова сувларни тозалаш иншооти қурилишида 13,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Таъкидланишича, ўтказилган терговга қадар текширувда «Сув таъминот ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Тошкент ҳудудий бошқармаси ва Тошкент вилояти «Сувоқова» ДУК ўртасидаги шартномага кўра Нурафшон шаҳрида қурилаётган оқова сув тозалаш иншоотида амалда бажарилган 73,3 млрд сўмлик қурилиш ишларини 87,2 млрд сўмга бажарилганлиги ҳақида сохта маълумотлар тузган.

Натижада, 13,9 млрд сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон