Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси фуқароларни рейснинг кечикиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ямандаги можаро кескинлашгани юзасидан Ўзбекистон фуқароларига парвозлар жадвалидаги мумкин бўлган ўзгаришларни ҳисобга олиш ва хавфсизлик чораларига риоя қилиш тавсия этилди

Ўзбекистоннинг Эр-Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонида бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Хусусан, Саудия Арабистони ҳудудида ички вазият барқарорлигича қолмоқда, жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмагани таъкидланди.

Умумий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, парвозлар логистикаси, транзит йўналишлари ва кутиш вақтларида юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар сафар шартлари ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатиши, жумладан, парвозларнинг кечикиши, мажбурий равишда бошқа рейсга ўтказилиши ёки парвоз йўналишининг ўзгаришига олиб келиши мумкин, — дейилади хабарда.

Фуқаролардан, Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик, хавфсизлик масалалари бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш, ҳарбий объектлар, турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзингиз билан олиб юриш тавсия этилди.

Огоҳлантириш Ямандаги можаро кескинлашгани билан боғлиқ. Хабар қилинишича, ҳусийлар Эр-Риёддаги Қирол Халид номидаги халқаро аэропортга ва Абҳа аэропортига ракета зарбалари берган. Саудия расмийлари маълумотига кўра, 3 киши ҳалок бўлган, яна 36 киши жароҳат олган.

Ўзбекистон