Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиши тўғрисида битим имзоланди
Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни Туркманистон мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги самарали раислиги билан табриклади.
Хусусан, Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, «Шовот – Тошовуз» чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда Кооперация дастурини қабул қилиш ва уни икки мамлакат ҳудудлари даражасида ҳам амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур ҳужжат сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш ҳамда устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам институционал асос яратади.





