Президент Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасида ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди

Ўзбекистон президенти, шунингдек, савдо, энергетика, транспортни ривожлантириш ва ҳаво ифлосланишига қарши курашиш бўйича ташаббусларни илгари сурди

Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Туркманистондаги «Аваза» сайёҳлик ҳудудида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, етакчилар долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Давлат раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган ижобий ўзгаришларни қайд этди.

Аввало, тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқалари мавжуд минтақалар билан ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш ғояси илгари сурилди. Пайдо бўлаётган имкониятлардан фойдаланиб, бу алоқаларни анча мустаҳкамлаш ҳамда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни биргаликда ривожлантириш бўйича аниқ мазмун билан бойитиш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу масалаларни келгуси йили Тошкентда ўтказиладиган «Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлида минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви» халқаро конференциясида батафсил муҳокама қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, минтақа мамлакатларининг замонавий транспорт-логистика тармоғи орқали ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш аҳамияти таъкидланди.

Энергетика соҳасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Минтақа углеводородлардан тортиб, гидроэнергетика, қуёш ва шамол генерациясигача бўлган турли ресурслар ва катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.

Келгуси йили Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишини инобатга олиб, жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича устувор вазифалар тақдим этилди.

Аҳамияти тобора ортиб бораётган яна бир йўналиш – муҳим минераллар. Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилаётган Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни шакллантириш ишларини фаоллаштириш, дастлабки қадамлардан бири сифатида Марказий Осиёдаги муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш таклиф қилинди.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон етакчилари ҳам сўзга чиқдилар. Давлат раҳбарлари учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнотни қабул қилдилар ҳамда бир қатор кўп томонлама тартибга солувчи ҳужжатларга оид қарорни имзоладилар.

Ўзбекистон