Тошкент метросида Қозоғистон фуқароси йўқотган $10 минг топилди
Эркак пойтахтга автомобиль сотиб олиш учун келган ва пуллар йўқолганини фақат машина бозорида пайқаб қолган

Тошкентда метрополитен хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ходими 10 минг доллар топиб олиб, уни эгасига — Қозоғистон фуқаросига қайтарди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Идора маълумотларига кўра, эркак автомобиль сотиб олиш учун Тошкентга келган. У «Олмазор» бекатидан метро орқали Сергели туманидаги машина бозорига йўл олган.
Эркакнинг сўзларига кўра, шошилаётган вақтида унинг сумкасидан 10 минг доллар бўлган пакет тушиб қолган. У пул йўқолганини фақат машина бозорига етиб боргач пайқаб қолган.
Пулларни метрополитен хавфсизлик хизмати ходими топиб олган. Текширувдан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пул эгасини аниқлаб, бутун суммани унга қайтариб беришди.
Қозоғистон фуқароси ходимлар уни Face ID юзни таниш тизими ёрдамида топишганини айтди ва тезкорлик учун уларга ўз миннатдорчилигини билдирди.





