Тошкентда ётоқхонадан чиқариб юборилган талабаларни жойлаштириш масаласи ҳал этилди
Талабалар бошқа ётоқхоналар ва ижара хонадонларига жойлаштирилди. Яшаш учун тўланган пулларни уч кун ичида қайтариб берилади

Тошкент давлат техника университети ётоқхонасидан чиқариб юборилган талабаларни жойлаштириш масаласи ҳал этилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.
Аввалроқ 6 октябрь куни кечқурун 300 га яқин талаба, жумладан, қизлардан ётоқхонани тарк этиш сўралгани ҳақида хабар берилган эди. Уларнинг кўпчилиги вилоятлардан келган бўлиб, яшаш учун тўловни олдиндан тўлаб қўйишган.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ ётоқхонага ташриф буюриб, прокуратура вакиллари, университет раҳбарияти ва тадбиркор билан биргаликда вазиятни ўрганди.
Аниқланишича, талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, фойдаланиш учун зарур рухсатлар олинмаган.
Шунингдек, иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали уланмаган, ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳам объект амалдаги талабларга жавоб бермайди.
Шу сабабли талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар мазкур объектдан чиқарилиб, университетнинг мавжуд талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонларига тўлиқ жойлаштирилди.
Мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 3 кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади.
Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Ҳолат бўйича барча жиҳатлар ўрганилиб, талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилаётгани таъкидланди.





