«Док-1 Макс» иши бўйича жабрланувчиларга 16,7 млрд сўм тўлаб берилди

Суд жами 85 нафар фуқаро фойдасига 78 миллиард сўм ундиришни белгилаган

«Док-1 Макс» сиропи иши бўйича жабрланувчиларга 16,7 миллиард сўм компенсация тўлаб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси маълум қилди.

Маълум бўлишича, судларнинг ижро ҳужжатларига асосан қарздор С.К. ва бошқалардан 85 нафар фуқаро фойдасига жами 78 млрд. сўм зарар ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мавжуд.

Ижро ҳаракатлари давомида, қарздор С.К. тегишли — Чилонзор тумани, 1-қатортол МФЙ, Қатортол 3-тор кўчасидаги турар жой бинолари ва «Бешёғоч» МФЙ, Фурқат кўчасидаги нотурар жой биноси хатланиб, онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.

Шундан, «Бешёғоч» МФЙ, Фурқат кўчасидаги нотурар жой биноси аукцион савдоларида сотилиб, 793 млн. сўм пул маблағлари келиб тушган, нархи 7,1 млрд. сўмга баҳоланган Чилонзор тумани, 1-қатортол МФЙ, Қатортол 3-тор кўчасидаги турар жой бинолари бўйича бугунги кунда аукцион савдолари давом этмоқда.

Аукцион савдолари орқали келиб тушган ва қарздор С.К.нинг оила аъзолари томонидан тўланган пуллар ҳисобидан ундирувчиларга жами 16,7 млрд. сўм маблағ «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 80-моддасига асосан тенг тақсимлаб берилган.

Ҳозирги кунда қарздор С.К. ва бошқалардан жами 61,3 млрд. сўм зарар ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон