Ўзбекистонда деярли 300 млн сўмлик қалбаки пулларни сотган шахс ушланди
Ҳозирда мазкур фуқаро ва бошқаларга нисбатан Жиноят иши қўзғатилган

Ўзбекистонда уй шароитида қалбаки пулларни тайёрлаш ҳамда муомалага киритиш билан шуғулланган шахс фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Жумладан, Асака туманида истиқомат қилувчи, 1987 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро 100 ва 200 минг сўмлик сохта банкнотлардан иборат, жами 297 млн сўм қалбаки пулларни шартли харидорга 148 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, ушбу манзилда қалбаки банкнотлар тайёрлашда фойдаланилган компьютер, «Эпсон» русумли принтер, «А4» ҳажмдаги махсус қоғозларга чоп этилган ярим тайёр ҳолатдаги 50 ва 100 минг сўмлик купюралар, қоғоз кесувчи ускуналар процессуал тартибда расмийлаштириб олинади.
Ҳозирда мазкур фуқаро ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.





