Тошкентда эркак вояга етмаган қизга шаръий никоҳланиб, унга нисбатан зўравонлик ишлатди
Қизга ҳимоя ордери берилиб, зарур ёрдам кўрсатилмоқда

Тошкентнинг Олмазор туманида вояга етмаган қизга нисбатан зўравонлик ҳолати бўйича терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.
Аниқланишича, Н.М. 2025-йил 28-август куни Ч.Б. билан шаръий никоҳдан ўтиб, шу кундан буён у билан бирга яшаб келган. Дастлабки маълумотларга кўра, Ч.Б. вояга етмаган Н.M.гa нисбатан зўрлик ишлатиб жисний эхтиёжларини қондирган ва қизга тан жароҳати етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 5-октябрь куни Олмазор туман «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳамда туман ИИБ ходимлари иштирокида вояга етмаган Н.М. ва унинг аммаси Н.Н. билан суҳбат ўтказилди.
Ҳозирги вақтда вояга етмаган қизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда руҳий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда, — дейилади хабарда.
Шунингдек, келгусида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Н.M.гa ҳимоя ордери расмийлаштирилгани билдирилди.





