Худоёрхон ўрдаси ҳовлисида ташкил этилган кўнгилочар тадбир сабабли Қўқон музей-қўриқхонаси директорига ҳайфсан берилди

Тадбир Маданий мерос агентлиги билан келишилмаган ҳолда ўтказилган

Худоёрхон саройи ҳудудида кўнгилочар тадбир ўтказилганидан сўнг Қўқон давлат музей-қўриқхонаси директори М. Мавлонқуловга ҳайфсан эълон қилинди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 3-октабр куни Қўқон шаҳрида жойлашган Худоёрхон ўрдаси ҳудудида A.klub номи остида бир гуруҳ аёллар иштирокида «Чопон пати» тадбири ўтказилган. Мазкур тадбир «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси раҳбарияти томонидан Маданий мерос агентлиги билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда ташкил этилган.

Маданий мерос агентлигининг 2024-йилда қабул қилинган тегишли буйруғи талабларига мувофиқ, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида ўтказилиши режалаштирилаётган маданий-маърифий, оммавий ва бошқа тадбирлар белгиланган тартибда Агентлик билан келишилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, давлат музей-қўриқхонаси ҳудуди маданий мерос объекти сифатида алоҳида муҳофаза қилиниши лозим. Шу сабабли мазкур ҳудудда ҳар қандай тадбирни ташкил этишда объектнинг маданий аҳамияти, унинг тарихий қиёфасини асраш, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш талабларига қатъий риоя этилиши шарт.

Юқоридаги ҳолат юзасидан «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси директори М. Мавлонқуловга маданий мерос объектларининг сақланиши, улардан белгиланган тартибда фойдаланилиши ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилиши борасидаги хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

Ўзбекистон