Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида «яшил тўлқин» ишга туширилди

Светофорларнинг ўзаро мувофиқлаштирилиши туфайли олти километрлик масофани босиб ўтиш вақти тахминан 25%га қисқарди

Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида «яшил тўлқин» тизими ишга туширилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.

Қайд этилишича, йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари 6 километрлик участкадаги 13 та светофор объектини — Қўйлиқ кўпригидан кейин, «Қўйлиқ ота» мақбарасидан УзБУМгача бўлган йўналишда ўзаро мувофиқлаштирган.

Тизим сутка давомида ишлаб, аввал тиғиз бўлмаган вақтда ушбу йўлни босиб ўтиш тахминан 12–13 дақиқа вақт олган бўлса, ҳозир бу йўлни қарийб 9 дақиқада босиб ўтиш мумкин. Натижада, йўлга сарфланадиган вақт тахминан 25%га қисқарди.

Маълумки, «яшил тўлқин» барча чорраҳаларда светофор доимий равишда яшил ёниб туришини англатмайди. Светофорлар шундай мувофиқлаштириладики, ҳайдовчи белгиланган тезликда ҳаракатланганда имкон қадар кўпроқ чорраҳада яшил чироққа тўғри келади.

«Яшил тўлқин»нинг вазифаси қизил чироқда тўхташларни бутунлай йўқ қилиш эмас, балки улар сонини камайтириш, ҳаракатни янада бир маромда ташкил этиш ва йўлга сарфланадиган вақтни қисқартиришдир, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон