Миср Ўзбекистон фуқаролари учун кириш қоидаларини кучайтирмоқда
40 ёшгача бўлган сайёҳларга фақат яқин қариндошлари ҳамроҳлигида киришга рухсат берилади ва сафар давомида 3 000 дан 5 000 АҚШ долларигача нақд пул олиб юриш талаб этилади

2026-йил 1-ноябрдан бошлаб Мисрда Ўзбекистон фуқаролари учун киришнинг янги қоидалари кучга киради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси дипломатик каналлар орқали олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар беради.
Янги талабларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Мисрнинг ваколатхоналари орқали олдиндан кириш визасини олиш талаблари керак. Саёҳатлар ваколатли туроператорлар орқали ташкил қилиниши шарт.
Сайёҳларнинг ёшига қараб муайян чекловлар қўлланилади:
• 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари (ота-она, эр-хотин ёки фарзандлари) ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин. Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ мавжуд бўлиши талаб этилади;
• 40 ёшдан юқори бўлган мустақил саёҳат қилувчилар камида 3000 АҚШ доллари миқдорида нақд молиявий маблағга эга бўлишлари лозим.
Мисрга кириш чоғида қуйидаги ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилиши шарт:
• меҳмонхона брон қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
• мобил алоқа маълумотлари;
• етарли молиявий таъминот тасдиғи.
Шунингдек, Миср ҳудудида бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди. Зарур ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган шахслар мамлакатга киритилмаслиги ва уларни олиб келган авиакомпания орқали қайтарилиши мумкин.





