Ўзбекистонда Қўриқлаш департаменти жамоат жойларида чекиш, дарахтларни кесиш ва ноқонуний ов қилиш учун жарима солишни бошлайди

Олий Мажлис Сенати хавфсизлик хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қонунни маъқуллади, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Хусусан, сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур ҳужжат жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий талабларга мос равишда такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни, жумладан жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ноқонуний ов қилиш, дарахтларни кесиш ва бошқа экологик қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига берилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонунда хавфсизликни таъминлашда жазолашга эмас, балки профилактикага ҳамда жамоат тартиби, профилактика ва қўриқлаш фаолияти ягона тизим сифатида самарали ишлашига устувор аҳамият берилади.

Натижада, сенаторлар ушбу қонунни маъқуллади.

Жамият