Ўзбекистон Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди

Ўзбекистон Республикаси томонидан Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборилди, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консерва маҳсулотлари, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик юки Эрон томонига етказилди, — дейилади хабарда.

Инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олишда Эроннинг Дарегаз шаҳри ҳокими Мужтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон Разавий вилоятидаги идораси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Масумифар ҳамда Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтабо Рузбехани иштирок этди.

Тадбир давомида расмийлар Эрон халқига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами ва юксак эътибор учун Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий миннатдорлик билдирдилар.

Улар мазкур ташаббусни икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин ифодаси эканини таъкидладилар.

Жамият