Марказий банк нега асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани маълум бўлди
Ўзбекистон Марказий банки асосий фоиз ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

Фаол ялпи талаб шароитида ташқи таклиф омиллари билан боғлиқ нархларни оширувчи хатарлар ва хизматлар инфляцияси юқорилиги сақланиб қолмоқда. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 2025 йил сентябр ойида умумий инфляция даражаси 0,8 фоиз бандга пасайиб, йиллик 8 фоизга тенг бўлган. Бунда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳи инфляцияси йиллик 6,1 фоизгача секинлашиб, пасайтирувчи ҳисса қўшган. Хизматлар инфляцияси, жумладан, тартибга солинадиган нархлар таъсирисиз ҳам, талаб омиллари ҳисобига умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, қатъий пул-кредит шароитлари ҳисобига талаб омилларининг бироз мақбуллашиши ҳамда алмашув курси мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфляция пасаювчи динамикага ўтгани ва сентябрда йиллик 7 фоизгача секинлашди. Жумладан, сўмнинг мустаҳкамланиши импорт инфляциясининг секинлашишига хизмат қилиб, ноозиқ-овқат товарлари нархларининг маълум даражада барқарорлашувига ёрдам бермоқда.
Сентябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этгани, бироқ улар жорий ва прогноз инфляция суръатларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда эканлиги айтилди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йил якунига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди ва 8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Ушбу шароитда инфляциянинг пасаювчи динамикасини барқарор давом этишини таъминлаш пул-кредит шароитларини жорий нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этаётгани маълум қилинди.
Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз йиллик 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Банк томонидан ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайишига эришиш мақсадида пул-кредит шароитларини етарли даражада қатъийлиги таъминланади, — деб билдирилди.
Шунингдек, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 11 декабрь кунига белгилангани айтилди.




