Олмаотадан Тошкентга қатнайдиган поездларда «аёллар вагонлари» ташкил этилади

Бундай вагонларга чипталар фақат аёлларга сотилади, уларга эса фақат аёл кузатувчилар хизмат кўрсатади

1 октябрдан «Қазақстан темир жолы» АЖ «Олмаота – Тошкент» йўналишидаги №1/2 сонли халқаро поезд таркибида «Аёллар вагони» хизматини йўлга қўяди, деб хабар бермоқда Қозоғистон Миллий ташувчиси матбуот хизмати.

Олмаота – Тошкент халқаро йўналиши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги йўловчи ташиш алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Унинг харидоргирлиги ва йўловчилар оқими ортиб бораётганини инобатга олиб, ушбу йўналишда «Аёллар вагони»ни йўлга қўйишга қарор қилинди. Ушбу хизмат ички темир йўл йўналишларида ҳам юқори талабга эга. Хизмат йўлга қўйилганидан бери «Аёллар вагони»дан 946 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланди, — деди «Қазақстан темир жолы» АЖ бошқарув раиси Ануар Ахметжанов.

Аёллар вагони»да катталар ҳамроҳлигида етти ёшгача бўлган ўғил болаларнинг юришига рухсат этилади. Бундай вагонларга чипталар фақат аёлларга сотилади, уларга эса фақат аёл кузатувчилар хизмат кўрсатади.

Чипталарни темир йўл кассаларида кассирга «Аёллар вагони»ни танлаганликни маълум қилиб, шунингдек, расмий сайтда онлайн тарзда харид қилиш мумкин.

Жамият