Тошкентда иссиқлик таъминоти учун янги тарифлар қачон кучга кириши маълум қилинди

Тошкент шаҳри ҳокимининг 27-октабрдаги қарорига асосан, марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланди.

Ушбу тарифлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган. Ҳужжатга кўра, 2025-йил 12-ноябрдан бошлаб қуйидаги тарифлар (ҚҚСсиз) белгиланди:

• базавий тариф — 711 641 сўм/Гкал;

• аҳоли учун — 139 860 сўм/Гкал;

• бюджет ташкилотлари учун — 952 797 сўм/Гкал;

• юридик шахслар учун — 342 296 сўм/Гкал.

Шунингдек, давлат томонидан жорий этилган субсидиялаш механизми туфайли пойтахт аҳолиси иссиқлик энергиясининг тўлиқ қийматини тўламаслиги, харажатларнинг тахминан 80 фоизи маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланиши билдирилди.

Тарифлар Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тизим мутахассиси томонидан тақдим этилган иқтисодий ҳисоб-китоблар ва техник маълумотлар асосида тасдиқланган. Маблағлар фақатгина иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш, шунингдек, пойтахт иссиқлик таъминоти инфратузилмасини таъмирлаш ва янгилаш ишларига йўналтирилади.

Шу қатори, 2025–2026-йиллар иситиш мавсумларига тайёргарлик ва модернизация дастури доирасида компания қуйидаги ишларни амалга оширилмоқда:

• 474,13 км эскирган тармоқларни жорий таъмирлаш;

• 73,5 км иссиқлик тармоқларини янгилаш;

• 21,34 км иссиқлик изоляциясини тиклаш;

• 23 та маҳаллий қозонхона ва 13 та насос станциясини модернизация қилиш;

• 669 та клапан ва 345 та компенсаторни алмаштириш.

Амалга оширилган ишлар натижасида иссиқлик йўқотишлари 44 фоиздан 33,4 фоизгача камайиб, натижада иситиш тизими барқарорроқ ва самаралироқ бўлгани таъкидланган.

AI News