Хоразмда 2,4 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятидаги ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар юзасидан ахборот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, табиий ресурслари чекланган бу ҳудуд иқтисодиёти таркибий ўзгаришлар орқали ривожлантирилмоқда. Сўнгги саккиз йилда 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 25 мингдан ортиқ саноат корхоналари очилган.

Ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 карра ошган. Натижада, бугун вилоятда тўқимачилик, автомобилсозлик, электр техникаси, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати бор.

Шунингдек, 8 йилда вилоятда 660 та кўп қаватли турар жой барпо этилиб, 21 минг оила янги уйли бўлди, 4 минг 751 километр ичимлик суви ва 206 километр канализация тармоғи қурилди, 580 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлди.

Жорий йил бошидан бери 100 минг эҳтиёжманд аҳоли иш билан таъминланди. Камбағаллик даражаси январдаги 12 фоиздан 6,8 фоизга тушиб, энг яхши кўрсаткич бўлди.

Умуман, Хоразмда 2 миллиард 400 миллион долларлик янги лойиҳалар тайёрланган. Шунингдек, шаҳар ва туманларнинг қўшимча имкониятлари ҳисобидан яна 86 миллион долларлик истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар шакллантирилган, — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари инвесторларга қулайлик яратиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Хусусан, вилоятдаги саноат зоналаридан тўла фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Инфратузилма ва ер тоифаси масаласини ҳал қилиб, 100 дан зиёд лойиҳаларни ишга тушириш зарурлиги айтилди.

Хоразмнинг жойлашувидан келиб чиқиб, саноат йўналишларини пухта режалаштириш, бунга вилоятнинг ички салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилиш кераклиги таъкидланди.

Ўзбекистон