Саида Мирзиёева Андижондаги ижтимоий объектларни кўздан кечирди ва уларни янгилашни тезлаштириш бўйича топшириқ берди

Олтинкўл туманида бинолари замонавий талабларга жавоб бермай қолган поликлиника, мактаб ва боғча қайтадан қурилади

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Андижон вилоятига ташриф буюриб, янгиланишга муҳтож бўлган бир нечта ижтимоий объектларни кўздан кечирди.

Ташриф давомида, Олтинкўл туманидаги «Кўмакай» оилавий поликлиникаси кўздан кечирилди.

Қайд эйилишича, ушбу бинодан 1988-йилдан буён фойдаланиб келинмоқда, у бугунги кун стандартларидан анча орқада қолган.

Шунингдек, 9-сонли боғча ва 36-сонли мактаблар хам кўздан кечирилди. Хусусан, боғча 1970-йилларда қурилган оромгоҳ ўрнида жойлашган. Мактаб биноси 1960-йилда барпо этилган бўлиб, сиғими ўқувчилар сонига мос келмаслиги билдирилди.

Ҳар икки объект янгидан қурилади. Гап тиббиёт ва таълим ҳақида кетар экан, шифокор ва ўқитувчининг иш жойи, яратилган шароит, фарзандини мактаб ёки боғчага кузатаётган ота-онанинг кўнгли тўқ бўлиши энг муҳим, биринчи галдаги масаладир. Одамлар турмушини яхшилашга қаратилган ўзгаришлар ўн йиллаб чўзилмаслиги керак. Жараённи тезлаштириш, аниқ ва сезиларли натижа тез фурсатда амалда кўриниши лозим, — деди Саида Мирзиёева.

Шундан сўнг, Андижонда вилоят раҳбарияти ва туман ҳокимлари иштирокида ишчи йиғилишни ўтказилди.

Аксарият муаммоларга республика, вилоят, туман ва маҳаллалар миқёсида ҳамжиҳатлик билан иш кўрилсагина ечим топилади. Бугун қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш, уларнинг ижро муддатлари ва вазифаларини аниқ белгилаш талаб этилмоқда, деб таъкидлади Администрацияси раҳбари.

Йиғилишда муҳокама қилинган муҳим масалалардан бири 1980-йилларда барпо этилган магистрал сув тармоғини янгилаш бўлди.

Саида Мирзиёева сўзларига кўра, «аҳоли яшайдиган кўплаб хонадонлар, маҳалла ва ташкилотларнинг сув таъминотига бевосита дахлдор бўлган ушбу иншоотни реконструкция қилиш жараёнини кечиктириб бўлмайди».

Ўзбекистон