Тошкентда илк «спорт» бекати ташкил этилди
Бекат майдони қисқа муддатли жисмоний машғулотлар учун мўлжалланган унсурлар билан тўлдирилди

Тошкентнинг Сергели туманидаги автомобил бозори яқинида жойлашган ва 12 та автобус йўналиши ўтадиган бекатда воркаут майдончаси ташкил этилди, деб хабар беради Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази.
Қайд этилишича, бундай ёндашув шаҳар инфратузилмаси нафақат ҳаракатланиш, балки аҳолининг қулайлиги, саломатлиги ва кундалик фаровонлиги учун ҳам яратилаётганини акс эттиради.
Энди йўловчилар автобус кутиш вақтидан енгил машқлар, тортилиш ёки оддий жисмоний ҳаракатлар учун фойдаланишлари мумкин. Бу эса спортни одатий шаҳар қатновига — ишга, ўқишга ёки уйга кетиш йўлига яқинлаштиради, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бундай объектлар аниқ манзилларда — аввало аҳоли зич жойлашган ҳудудларда, серқатнов йўналишлар тармоғига эга бекатларда ҳамда кутиш ва фаоллик ҳудудларини хавфсиз ажратиш учун етарли жой мавжуд бўлган ерларда ўрнатилади.
Асосий шартлардан бири бу хавфсизлик, йўловчилар учун қулайлик, мустаҳкам конструкциялар, мунтазам техник хизмат кўрсатиш ҳамда жамоат транспорти ва пиёдалар ҳаракатига халақит қилмасликдир.





