Андижонда Nexia «мопед» ва велосипед ҳайдовчисини уриб юборди
Андижонда Nexia ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, мопед ва велосипед билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 4 сентябрь куни Қўрғонтепа тумани Хон кўча маҳалласи ҳудудидан ўтган D-137 «Тешиктош-Ойим Қўрғонтепа-Ёрқишлоқ» автомобиль йўлининг 48-километрида содир бўлди.
Хусусан, «Nexia-2» русумли автомашинани ҳайдовчиси Қўрғонтепа йўналишида бошқариб келиб, чорраҳада светофорнинг «қизил» чироғида ҳаракатланиб ўтиб, чорраҳанинг чап томонидан чиқаётган «Мопед» транспорт воситаси билан тўқнашган.
Шунингдек, ҳайдовчи руль бошқарувини йўқотиши оқибатида йўл четида ҳаракатланиб келаётган велосипед ҳайдовчисини ҳам уриб юборган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида «Мопед» ҳайдовчиси ҳамда велосипед ҳайдовчиси енгил тан жароҳати олиб, Қўрғонтепа тумани шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилишган, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қоидабузарга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо чораси кўрилиши таъкидланди.