Тошкентда кучли таъсир қилувчи Фатзорб дорисини оздирувчи восита деб алдаб сотганлар ушланди

Тошкентда кучли таъсир қилувчи Фатзорб дорисини оздирувчи восита деб алдаб сотганлар қўлга олинди.

Қайд этилишича, 2023 йил 5 январь куни Сергели тумани Обиҳаёт кўчасида 30 ёшли ва 29 ёшли фуқаро 600 минг сўм эвазига 180 дона Фатзорб номли дори воситасини сотаётган вақтида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушланган.

Хабарга кўра, мазкур шахслар Instagram’да саҳифа очиб, мазкур дорининг онлайн савдоси билан шуғулланган. Шунингдек, улардан бирининг бошқарувидаги автомашина холислар иштирокида текширилганда яна 72 дона Фатзорб номли дори воситаси аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган.

Давлат марказининг Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси эксперти хулосасидаги маълумотга кўра, капсулаларда сибутрамин гидрохлорид моногидрат моддаси борлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Янгиликлар