Самарқандда эркак хотини ва 5 ойлик боласини ўлдирди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида эркак хотини ва 5 ойлик боласини ўлдириб, ўзини осиб қўйди.

Қайд этилишича, 2022 йил 24 декабрь куни Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси вилоят ички ишлар бошқармасига воқеа юзасидан хабар берган.

Тергов-тезкор гуруҳи аъзолари томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилганда М.А.нинг бўйин соҳаси чап ён томонида 2 дона санчиб-кесилган жароҳати мавжудлиги ҳамда чақалоқ П.М. эса тан жароҳатсиз ҳолда топилган. Шунингдек, хонадон эгаси А.А. ушбу ҳовлининг оғилхонасини чердак қисмига арқон билан бўйнидан осилган ҳолда топилган.

Дастлабки тезкор маълумотлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, А.А. турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, уни қайчи билан бўйин соҳасига 2 марта уриб ўлдирган. Сўнгра бешикда ётган 5 ойлик фарзанди М.П.ни қўллари билан бўғиб ўлдириб, кейин ўзини-ўзи осиб қўйган.

Воқеа жойидан қонга ўхшаш доғлари бўлган бир дона қизғиш рангли елим дастали қайчи, қонга ўхшаш доғлардан намуналар, А.А.нинг иккала қўлидаги қонга ўхшаш доғлардан намуналар, 2,3 метр узунликдаги арқон ашёвий далиллар сифатида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар