БМТ: Эль-Ниньо феномени март ойидан май ойигача бутун дунёда ҳарорат кўтарилишига олиб келади

Эль-Ниньо табиий феномени иқлимга таъсир кўрсатишда давом этмоқда, бу март ойидан май ойигача ҳаво ҳарорати ўзгаришига олиб келади. Бу ҳақда БМТ Жаҳон метрологик ташкилоти манбасига таяниб, ТАСС хабар берди.

ЖМТ қайд этишича, 2023-2024 йиллардаги Эль-Ниньо феномени бутун инсоният тарихидаги энг кучли табиий ҳодисалар бешталигига кирди.

«Ҳозир феномен аста-секин пасаймоқда, аммо яқин ойларда глобал иқлимга таъсир кўрсатишда давом этади ҳамда буғ газлари томонидан чиқарилаётган иссиқликни кучайтиради. Мартдан май ойларига қадар қуруқликнинг деярли барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати нормадан анча баландроқ бўлади», – дейишди ташкилотда.

Эль-Ниньо мартдан майгача сақланиб қолиши эҳтимоли 60%га тенг. ЖМТда феномен одатда глобал иқлимга кейинги йил таъсир кўрсатишини айтишди.

«Эль-Ниньо ва денгиз сатҳида ҳарорат кўтарилиши яқин уч ой қуруқликнинг деярли барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати исишига олиб келади ҳамда ёғингарчилик тартибига таъсир қилади», – қўшиб ўтишди ташкилотда.

Эль-Ниньо феномени бу — табиат ҳодисаси бўлиб, у Тинч океани юзидаги сувларнинг илишига сабаб бўлади ва, натижада, бутун сайёра иқлимининг ўзгаришига олиб келади. Бу рекорд даражада юқори ҳароратдаги тўлқинлар, шиддатли ёмғирлар, қурғоқчилик ва бошқа аномал ҳолатлар кўринишида намоён бўлади.

Янгиликлар