Самарқандда ҳовлисида гиёҳвандлик моддасини етиштирганлар ушланди

Самарқандда ҳовлисида гиёҳвандлик моддасини етиштирганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар бошқармаси

Маълумотларга кўра, Ургут тумани «Кўтарма» маҳалласида яшовчи 1972 йилда туғилган Н.Ж.нинг уйи 5 август куни кўздан кечирилган. Ҳовлисида баландлиги 4 метр бўлган жами 12 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, уйининг томидан оғирлиги, тахминан, 6 килограмм марихуана гиёҳвандлик моддаси ва уй ичкарисидан оғирлиги, тахминан, 100 грамм каннабис уруғи борлиги аниқланган. Гиёҳвандлик моддалари далилий ашё тариқасида холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Ундан ташқари, Ургут тумани «Мирзобоғлон-Чеп» маҳалласида яшовчи 1962 йилда туғилган аёл ҳовлисида экилган помидор орасига 12 туп, узумзорига 4 туп ҳамда оғилхонасига 3 туп, жами 19 туп баландлиги 1,50 см бўлган каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган. Холислар иштирокида белгиланган тартибда далилий ашё тариқасида расмийлаштирилиб олинган.

Шу куни «Бешёғоч» маҳалласида яшовчи 1979 йилда туғилган Т.Р. узумзорида 15 туп ҳамда ҳовлисида 1  туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги аниқланди.

Барча ҳолатлар юзасидан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келаётган шахслар аниқлангани, Фарғонада молхонасидаги хумда 2 пакет марихуана сақлаб келган фуқаро ва қиймати 26 миллион сўмлик гашиш сотган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар