Ўзбекистон Қирғизистон фуқаролари учун чегараларини ёпди

Ўзбекистон 6 октябрдан бошлаб Қирғизистон ва учинчи мамлакатлар фуқаролари учун мамлакатга кириш бўйича чекловлар жорий этди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизматига таяниб, «Aкчабар» нашри хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳудудида бўлган Қирғизистон фуқаролари мамлакатни тарк этиши, Қирғизистонда бўлган ўзбекистонликлар эса ватанга кириши мумкин.

Шунингдек, юк ташиш чекловларсиз амалга оширилади.

Бундан ташқари, бўлим давлат чегарасида вазият барқарорлигини ва Қирғизистон Давлат чегара хизматининг бўлинмалари давлат чегарасини қўриқлашнинг кучайтирилган режимига ўтказилганлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 5 октябрь, душанба куни мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловлар натижаларидан норози бўлган минглаб фуқаролар намойиш учун чиққани ҳақида хабар берилганди.

Намойишлар оқибатида Оқ уй эгаллаб олинган, собиқ президент Aлмазбек Aтамбоев озод қилинган. Шунингдек, Норин вилояти ҳокими Эмилбек Aлимбеков, Иссиқкўл вилояти ҳокими Балбак Тулобаев, Ўш вилояти ҳокими Байиш Юсупов ҳамда Бишкек шаҳри мери Aзиз Суракматов истеъфо берган.