Шофиркон тумани ҳокими халкдан узр сўраган йиғилишда туман масъуллари ухлаб қолди
Шофиркон туманининг айрим масъуллари Халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида ухлаб қолди. Бу ҳақда «Daryo» «Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ҳокими Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудуд ‘қониқарсиз’ деб баҳолангани учун халқдан узр сўради» номли мақоласида маълум қилган.
Қайд этилишича, Шофиркон туманида саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 340 миллиард 753 миллион сўм бўлиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 941 минг сўм тўғри келган. Бу кўрсаткич вилоят саноатида бор-йўғи 0,6 фоизни ташкил қилган. Туманга 2020 йилнинг февраль ойида раҳбарлик қилишни бошлаган Шукрулла Ҳакимовнинг изоҳ беришича, у бу кўрсаткичлар меники эмас, деб турмасдан муаммоларни тўғрилашга ҳаракат қилган. Бироқ шунга қарамай, туманда тадбиркорлик ривожланмай, «қизил» ҳудуд деб баҳоланган.
«Ёш ҳоким жон куйдириб гапираётган пайтда эса туманнинг айрим масъуллари уйқуни афзал билишди», —дейилади хабарда.
«Тўғриси, ҳозир мен учун жуда оғир. Бунга эса ўзимиз сабабчимиз ва ўзимиз жойига қўямиз. Бошқа йўлдан бориб бўлмайди. Қайсидир соҳада кўрсаткичларни юқорига олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Қайсидир жойда эътиборсиз бўлдик. Туман ҳокими ҳамда биринчи сектор раҳбари сифатида 2019 йилда қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда барча раҳбарлар муҳтарам Президентимиздан, халқимиздан, тадбиркорларимиздан узр сўраймиз. Бизга имкон берилса, тўрт сектор раҳбарлари биргаликда 2020 йил якунига қадар туманни ‘ўрта’ ҳудудга, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса ‘яхши’ ҳудудга олиб чиқишга ваъда берамиз», — деди Шукрулла Ҳакимов.
Аввалроқ Жондор ҳокими туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани учун аҳолидан узр сўрагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳокимларни халқ сайлаши кераклиги ҳақида гапирганди.