Шавкат Мирзиёев: «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз»

Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь, пайшанба куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, «қониқарсиз» ҳамда «ўрта» деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилиши белгиланди. Яъни уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкин. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади.

«Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, яхши кўрсаткичларга эришган туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари маошига 30 фоиз устама тайинланиб, аҳвол қониқарсиз бўлган ҳудудлар раҳбарларига жарима қўлланиши айтиб ўтилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан жаҳон ҳамжамиятига 8 та таклиф бергани хабар қилинган эди.

Янгиликлар