Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси UMO cерияли давлат рақами тақилган машина суратига изоҳ берди

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 5 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган UМО серияли давлат рақами тақилган BMW автомобилининг сурати юзасидан изоҳ берди.

Фото: Telegram

Хабарга кўра, UMO серияли харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари ҳам шу тартибда белгиланган тўловлар, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари (33 миллион 450 минг) асосида буюртмага мувофиқ ўрнатилган тартибда транспорт воситаларига расмийлаштириб берилган.

Шунингдек, буюртма асосида автотранспорт воситалари учун оширилган тўлов ставкаси тартиби «Жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича бериш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ жорий этилган.

Маълумот ўрнида, харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига топшириш оддий давлат рақами белгиларини топшириш билан бир хил тартибда амалга оширилади.

Аввалроқ Ўзбекистонга «BMW» автомашинасини сохта ҳужжатлар билан олиб кирмоқчи бўлган эркак қўлга тушгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар