Ўзбекистонга «BMW» автомашинасини сохта ҳужжатлар билан олиб кирмоқчи бўлган эркак қўлга тушди

Фарғона чегара постида Қирғизистондан Ўзбекистонга 600 миллион сўмлик «BMW» автомашинасини Ўзбекистонга сохта ҳужжатлар билан олиб кирмоқчи бўлган эркак қўлга тушди. Бу ҳақда Фарғона чегара божхона пости матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Фарғона чегара божхона пости матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг октябрь ойида Қирғизистондан Ўзбекистон томон ҳаракатланаётган фуқаро Т.У. бошқарувидаги «BMW 520I» русумли енгил автотранспорт воситаси Фарғона чегара божхона постида ҳайдовчи томонидан тақдим этилган транспорт ҳужжатлари асосида кўздан кечирилган. Фарғона чегара божхона пости ҳамда Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган текширувлар натижасида машина аслида «BMW 750LI» русумига эга эканлиги маълум бўлган.

Шунингдек, машинанинг бошқа автомобилга тегишли бўлган гувоҳнома ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган давлат рақами асосида ноқонуний олиб кирилаётганлиги аниқланган.

Хабарга кўра, қиймати 600 миллион сўмлик мазкур транспорт воситаси ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар вақтинча сақловга олинган. Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада қиймати 117 млн сўмдан ортиқ сифатсиз дориларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар аниқлангани, Ўзбекистонга 100 млн сўмлик синтетик ипни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар Наманганда ушлангани ҳамда Тошкент шаҳрига 5 миллиард сўмлик импорт маҳсулотини ноқонуний олиб кираётган жиноий гуруҳ қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар