Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилади

6 май куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Хабарга кўра, Агентлик дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини таълим тизимида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади. Таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини ўргатишни ташкиллаштиради.

Қайд этилишича, Агентлик хорижий тилларни билиш рейтингини юритади, давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикаларини яратади ҳамда чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади, малака тоифаларини беради.

Таъкидланишича, Агентлик «боғча – мактаб – олий таълим – корхона» занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган методика, тавсия ва дарсликларни ишлаб чиқади ҳамда жорий этади.

Шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда, амалиётга жорий этади.

Янгиликлар