Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 млн сўмдан берилади

Шавкат Мирзиёев “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат мамлакатда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафда туриб, ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.

Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланади. Мазкур фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофоти тантанали ҳамда байрамона вазиятда топширилишини таъминлайди.

Янгиликлар