Ўзбекистонда қанча маданият объекти маҳаллий ҳокимликлар томонидан сотиб юборилгани маълум бўлди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 8 январь куни Бош вазир ўринбосари ва вазирлар иштирокида ўтказилган брифингда Ўзбекистонда қанча маданият объекти маҳаллий ҳокимликлар томонидан сотиб юборилганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Озодбек Назарбеков сўзларига кўра, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида 8 тадан, Фарғона вилоятида 13 та, Тошкент шаҳрида 3 та маданият объекти Маданият вазирлиги билан келишилмаган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар томонидан балансига ўтказилиб, сотувга қўйиб, сотиб юборилган.

«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги қонун бошқа идора ва ташкилотлар билан ўртамиздаги муносабатларни аниқ белгилаб беряпти. Бундан кейин шу каби муаммоларда энди вазирликнинг аниқ позицияси шаклланади.

Ўтган йилда энг муҳим, бироқ амалга ошмай қолган масалалардан яна бири ҳақида тўхталсам. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, ноталар тўплами ва махсус мусиқий адабиётларни чоп этиш ҳамда уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилишини таъминлаш режалаштирилган эди», — дейди Озодбек Назарбеков.

Унинг таъкидлашича, вазирлик томонидан ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар лойиҳалари тайёрланди, лекин молиявий манбаси аниқланмагани учун 2020 йилда бу вазифа бажарилмай қолди. Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган муҳокамаларда Бош вазир Молия вазирлигига топшириқ берди, бу йил ушбу муаммолар босқичма-босқич ҳал қилинади.

Аввалроқ Қўшработ ва Нарпай ҳокимлари салкам 400 миллион сўмга хизмат автомобиллари харид қилгани ва ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар