Ҳиндистонда йўловчи самолётининг қулаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистонда бортида 200 га яқин йўловчиси бўлган «Air India Express» самалёти қўниш чоғида қулаб тушган. Бу ҳақида «Reuters» агентлигига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.

Фото: «РБК»

Маълум қилинишича, Ҳиндистоннинг Керала штатида «Air India Express» самолётини қўндиришда бахтсиз ҳодиса юз берган. Самолёт қўниш йўлагида ағдарилиб кетган.

«NDTV хабарига кўра, лайнер Дубайдан Кералада штатидаги Кожикоде шаҳрига парвоз қилган. Самолёт бортида 191 киши бўлган. Жумладан, 184 йўловчи, иккита учувчи ва бешта экипаж аъзоси. Дастлабки маълумотларга кўра, камида икки киши ҳалок бўлган, улардан бири учувчи. Жароҳат олганлар сони 35 та», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, фалокатдан кейин ёнғин бўлмаган. Самолёт икки қисмга бўлиниб кетган. Унинг бир қисми қўниш йўлагида, иккинчи қисми йўлак ташқарисида қолган. Маълумотларга кўра, парвоз «Boeing 737» самолётида амалга оширилган.

Айтилишича, фалокат кучли ёмғир пайтида юз берган. Сўнгги кунларда Керала штатида кучли ёғингарчилик давом этаётгани хабар қилинмоқда, тошқинлар ва кўчкилар оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган.

Табиий офатдан кейин Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Керала штат губернатори Пинарая Вижаян билан боғланган. Бош вазир қутқарув операциясининг бориши ҳақида хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байрут портида портлаш содир бўлганди. Кейинчалик ушбу портлаш бўйича асосий маълумотлар тақдим этилган эди.

Янгиликлар