Фарғона ҳокимининг акаси коронавирусга чалингани ҳақидаги хабар рад этилди

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳудуддаги коронавирус билан боғлиқ ҳолат оғир экани ҳақида тарқалган хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Хабарда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, вилоят ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг акаси Авазбек Ғаниевнинг ҳам коронавирусга чалингани, қондаги кислород миқдори тушиб кетгани айтилган. Расмий муносабатда эса бу ҳабар рад этилиб, Авазбек Ғаниев пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан айни кунда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётгани маълум қилинган.

Хабарда айтилишича, Фарғона вилоятида коронавирус оқибатида бир неча шифокорлар вафот этган.

«Бу мутлақо ёлғон. Хабарда мисол келтирилган шифокор У.Бойқўзиев коронавирусдан эмас, пневмония касаллиги, шу билан бирга семизлик, гипертония хасталигининг оғир тури каби ҳамроҳ касаллигидан вафот этди», — дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, У.Бойқўзиевдан коронавирусга олинган таҳлиллар манфий чиққани ва бу касаллик тасдиқланмаганини ҳам қўшиб қўйган.

«Мазкур хабарда вилоятда коронавирус билан оғриган беморлар кўплиги, аммо статистика яширилаётгани ҳақида ёзилади. Бу фикрлар ҳам ҳақиқатдан йироқдир. Шу ўринда таъкидлаш зарурки, ҳозирги кунда куз фаслининг бошланиши туфайли халқимиз орасида ўткир респиратор касалликлар ва пневмония кўп учрамоқда. Ушбу касалликларнинг клиник белгилари ҳам коронавирус билан ўхшашлиги учун ўринсиз миш-мишлар тарқалмоқда. Шундай бўлса-да, грипп ва пневмония билан оғриган касалларнинг барчасидан коронавирусга таҳлиллар олиняпти. Уларда таҳлил манфий чиқмоқда. Бу дегани, уларда коронавирус тасдиқланмаяпти», — дейилади муносабатда.

Хабардаги касалхоналарда сунъий нафас олдириш аппарати етишмайди, деган фикрлар ҳам кескин рад этилиб, ҳукуматнинг ва вилоят ҳокимининг эътибори туфайли коронавирус билан оғриган беморлар ётадиган касалхоналарга зарур тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар мунтазам етказиб берилаётгани таъкидланган.

«Мисол учун, коронавирус пандемияси бошлаганидан сўнг вилоят шифохоналарига қўшимча 25 та ИВЛ, 90 та SPAP русумли сунъий нафар олдириш ускуналари келтирилди. Бу билан вилоят шифохоналаридаги сунъий нафас олдириш ускуналари 200 тадан ошиб кетди», — дея ёзади баёнот муаллифлари.

Бунга қўшимча қилиб, вилоятда мавжуд тиббиёт муассасалари 764 дона кислород концентратори ҳамда 5 мингта пульсоксиметрлари билан таъминлангани, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясини тезкор усулда аниқлаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан 80 мингдан ортиқ экспресс-тестлар олиб келиниб, қўлланилаётгани қайд этилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазиятни яширганлар жиноий жавобгарликка тортилишини ва темир интизом барча учун энг биринчи масала бўлиб қолишини айтгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар