Самарқандда 43 ёшли дугонасининг уятли фотосуратларини тарқатиб, шарманда қилмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушланди
Самарқандда танишининг уятли фотосуратларини қариндошларига кўрсатмаслик, интернетга тарқатмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Хабарга кўра, 3 сентябръ куни 42 ёшли аёл С.Н. 43 ёшли дугонаси Ф.A. нинг шахсий фотосуратларини қўлга киритади. Сўнг уларни Ф.A. учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотлар сирасига киришини билиб, расмларни унинг яқин қариндошларига кўрсатиб, интернет тармоғи орқали тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитган.
Ушбу аёл дугонасини шарманда қилмаслик эвазига ундан 2200 доллар миқдордаги пулларни товламачилик йўли билан талаб қилиб келаётганлиги аниқланган.
ИИБ ходимлари томонидан 4 сентябръ куни ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд шаҳар Университет ҳиёбонида С.Н. таниши Ф.A. дан 2200 AҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича С.Н. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурободда фуқаронинг 500 минг сўмга яқин пулини олган 3 нафар ИИБ «ходими» қўлга олингани ҳамда Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани ҳақда хабар қилинганди.