Нурободда фуқаронинг 500 минг сўмга яқин пулини олган 3 нафар ИИБ «ходими» қўлга олинди
Самарқанд вилояти Нуробод туманида ўзини Ички ишлар бошқармаси ходимлари дея таништириб, фуқаронинг 462 000 сўм пулларини олган 3 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумотларига асосланиб «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 август куни Нуробод тумани ИИБга мазкур тумандаги «Кечкелдик» МФЙда яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро Ф. ариза билан мурожаат қилган. Aризада ёзилишича, 19 август куни соат 23:00 да Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдидаги кўчада пиёда кетаётган вақтида «ВAЗ-2106» русумли автомашинада 3 киши келиб, ўзларини ички ишлар бўлимидан эканликларини айтган. Улардан бири фуқаро Ф.га қизил рангли гувоҳнома кўрсатган ва улар билан ИИБга боришини талаб қилган. Aризачидан карантин қоидаларини бузиб, тунги вақтда нима мақсадда кўчада юрганлигини сўраган фирибгарлар маъмурий баённома тузиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазосига тортишларини айтган. Бироқ аризачи қўйиб юборишларини сўраган вақтида фирбарлар ундан пул талаб қилган.
Фуқаро Ф. ўзини ИИБ ходимлари дея таништирган шахсларга ёнида бор пулини беришини айтган вақтида улардан бири қўл телефонига фуқаронинг гапларини ёзиб олган ва уларга пора бермоқчи бўлгани учун жиноий жавобгарликка тортишларини айтиб, қўрқитган ҳамда Нуробод тумани ИИБ биносига яқин жойгача автомашинада олиб борган. Жавобгарликка тортмаслик эвазига 3 нафар номаълум шахс аризачининг ёнида бўлган 462 000 сўм пулларини олган.
Нуробод тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу товламачилик жиноятини Нуробод тумани «Шарқ Юлдузи» маҳалласида яшовчи 1997 йилда туғилган шахс Д., 1997 йилда туғилган шахс Т. ва Амир Темур номидаги маҳаллада яшовчи шахс 2002 йилда туғилган Ш. содир этганлиги аниқланган. Улардан қизил рангли, ташқи қисмида гербли тамғаси бўлган гувоҳнома, «Honor» русумли уяли телефон ва 240 000 сўм пуллар далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Ургут ва Нарпайда томорқасида жами 36 туп каннабис ўсимлиги етиштираётган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.