Ургут ва Нарпайда томорқасида жами 36 туп каннабис ўсимлиги етиштираётган шахслар қўлга олинди

Самарқанд вилояти Ургут туманида олиб борилган «Қорадори—2020» тезкор-профилактик тадбирининг 2-босқичи давомида икки нафар шахс томорқасида жами 25 туп каннабис ўсимлиги етиштираёгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ургут тумани «Хўжайдуқ» маҳалласида яшовчи Р. исмли шахс яшаш уйи томорқасидаги полиз экинлари орасида жами 16 туп каннабис ўсимлигини етиштираётгани аниқланган.

Шунингдек, тадбир доирасида Ургут тумани «Қуйигузар» маҳалласида яшовчи A. исмли шахс томорқасида экинлар орасига жами 9 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги аниқланган ҳамда холислар иштирокида ҳужжатлаштирилган.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми, яъни таъқиқланган гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда экиш бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тадбир давомида Нарпай туман Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга асосан, Нарпай туман «Наврўз» МФЙда яшовчи И. исмли шахс яшаш хонадони томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда экинлари орасида жами 11 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми, яъни таъқиқланган гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда экиш бўйича жиноят иши қўзғатилган ҳамда ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Пахтачида 19 туп, Пастдарғомда 8 туп, Оқдарёда 2 туп, Шофирконда 11 туп, Ургут туманида 66 туп, Оқдарё туманида 40 туп ҳамда Каттақўрғонда 17 туп каннабис ўсимлигини етиштираётган шахслар қўлгани олингани маълум қилинди.

Янгиликлар