Пахтачида томорқасида 19 туп каннабис етиштираётган шахс қўлга олинди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида томорқасида 19 туп каннабис етиштираётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 август куни туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 38 ёшли К.A. ҳовлиси томорқасидаги маккажўхори поялари орасида 19 туп каннабис ўсимлиги етиштириб, уларни яшаш уйи оғилхонасида қуритиб келаётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Оқдарё ва Каттақўрғонда томорқасида жами 57 туп, Ургутда ҳовлисида 12 туп, Оқдарёда уйи ҳовлисида 2 туп ҳамда Пастдарғомда уйида 8 туп каннабис ўсимлигини етиштираётган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.