Самарқандда ҳовлисида 2 туп каннабис етиштирган шахс аниқланди
«Қорадори-2020» тезкор-профилактик тадбирининг 2-босқичи давомида Оқдарё туман ИИБ ходимлари томонидан текширув давомида 1963 йилда туғилган Қ.Б.нинг яшаш уйи ҳовлисидаги томорқасидан икки туп каннабис ўсимлиги борлиги аниқланган. Бу ҳақда Самарқанд ИИБ хабар берди.
Хабарга кўра, Қ.Б. Оқдарё тумани Дахбед шаҳарчасида яшайди. Туман ИИБ томонидан унинг ҳовлиси текширилганида ушбу шахс ҳовлисидаги экин майдонида полиз экинлари орасида жами икки туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик ўсимликлари ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Қ.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси (Тақиқланган экинларни етиштириш) 1-қисми жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шофирконда ҳовлисида 11 туп каннабис ўсимлигини етиштираётган 2 нафар шахс аниқлангани ҳамда Самарқандда ижарага олган уйида каннабис гиёҳванд ўсимлигини етиштираётган фуқаро аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.